3-4 июль кунлари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 24-саммити бўлиб ўтди.
“Дарё” мазкур тадбирда қатнашган мамлакат етакчиларининг фикр ва мулоҳазаларини бир жойга жамлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ оиласи жипслигини кучайтириш ва биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ қилиш зарурлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблашини маълум қилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев рақамли иқтисодиётга ўтиш, сунъий интеллектни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатлар рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
ШҲТ бош котиби Чжан Мин эса ҳозирги мураккаб ўзгаришлар шароитида аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини айтиб ўтди.
Россия президенти Владимир Путин ШҲТ доирасидаги шериклик муносабатларига катта эътибор қаратишини маълум қилиб, ташкилот долзарб масалаларга коллегиал ечим излаш тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Хитой етакчиси Си Цзиньпин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар бирдамликни намойиш қилишлари ҳамда ташқи аралашув уринишларига биргаликда қаршилик кўрсатишлари кераклигини айтиб ўтди.
Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт-Тўқаев ШҲТ “Шанхай руҳи”нинг дўстлик, аҳил қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш асосида фаолият юритувчи давлатлараро муносабатларнинг самарали механизмига айланганини таъкидлади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қабул қилинган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг “Адолатли тинчлик ва тотувлик йўлида жаҳон бирдамлиги тўғрисида”ги ташаббусига эътибор қаратди.
Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ўз чиқиши давомида Афғонистон масаласига эътибор қаратиб, барчани қардош афғон халқига ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирди.
Изоҳ (0)