Бундан 248 йил муқаддам, 1776 йилнинг 4 июлида АҚШда Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Ушбу санадан Қўшма Штатларнинг тарихи бошланди. Қудратли империянинг океанорти колонияси бўлган ҳудуд мустақиллик учун метрополия билан урушга кирди ва унда ғолиб чиқди. Қудратли қирол ҳокимияти ҳам, черков ҳукмронлиги ҳам бўлмаган мамлакат ўзига хос тараққиёт йўлини танлади. АҚШда ишлаб чиқилган конституция эса узоқ йиллар давомида бутун дунё бўйлаб эркинлик ва тенглик учун ҳаракатларни илҳомлантириб келди. Қуйида “сеҳрли диёр”нинг қарийб икки ярим асрлик тарихи ва ривожланиш омиллари ҳақида мулоҳаза юритилади.
Инқилобдан олдинги Америка
XVIII аср ўрталарида Америка колониялари Британия империясининг ҳукмронлиги остида эди. Бу колонияларда марказ бошқаруви асосида саноат ва кўплаб соҳалар ривожланаётган бўлса-да, аҳолининг турли гуруҳлари ўртасида кескинликлар ҳам давом этиб келаётган эди. Буюк Британиянинг қитъадаги мустамлакачилик сиёсати ва доимий репрессиялари шароитида яширин куч колония халқларини мустақиллик ғоялари билан тўлқинлантириб келаётган эди.
Шимолий Америкада савдо-сотиқ ва ишлаб чиқариш ортидан катта фойда кўришни бошлаган бой штатлар Британиянинг адолатсиз савдо низоми ва чекловларидан норози эди. Қитъага фақат Буюк Британиядан ва Лондондаги ҳукумат белгилаган нархларда товарлар олиб келиш мумкин эди. Бунга қарши чиққан, доминион ҳуқуқини талаб қилганлар эса мунтазам равишда тергов ва таъқибларга дучор бўлган.
Маърифатпарварлик ғоялари ва таъсири
XVII-XVIII асрларда Европа ва Америка мустамлакаларини қамраб олган фалсафий оқим бўлган-маърифатпарварлик ҳаракати Мустақиллик декларацияси ғояларини шакллантиришда муҳим рол ўйнади. Жон Локк ва Жан-Жак Руссо каби маърифатпарвар мутафаккирлар табиий ҳуқуқлар, ижтимоий шартнома ва золим ҳукуматларга қарши исён кўтариш ҳуқуқи каби тушунчаларни қўллаб-қувватладилар. Бора-бора ушбу ғоялар турли жамиятлар бўйлаб кеч қулоч ёя бошлади.
Бу ғоялар америкалик сиёсатдонларнинг ҳам онгига кириб, уларни Британия ҳукмронлигининг қонунийлигини шубҳа остига қўйишга ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга илҳомлантирди. Кун келиб ушбу маърифатпарварлик ғоялари ва сиёсий фалсафа тамойили озод мамлакат мустақиллигини эълон қилган ҳужжатда ўз ўрнини топди.
Мустақиллик сари йўл
Буюк Британиядан мустақилликни эълон қилиш йўли қийинчиликлар ва қаршиликларга тўла эди. Бироқ Бостон, Лексингтон ва Konkord шаҳарларида мустамлакачилар билан юзага келган савдо-иқтисодий ва ҳарбий қарама-қаршиликлар маҳаллий аҳоли орасида империя бошқарувига нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириб юборди. Шимолий Американинг 13 штати бўйлаб инқилоб тўлқини юзага келди.
Шундай бир шароитда Самуэл Адамс ва Патрик Генри каби таниқли шахслар мустақиллик учун иштиёқи баланд миллатпарварлар сифатида майдонга чиқди. Филаделфияда чақирилган Континентал Конгресс мустамлакаларнинг бирлашишида ва мустақиллик декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳал қилувчи рол ўйнади.
Континентал Конгресс ва Мустақиллик декларацияси
1775 йилда Шимолий Американинг ўн учта мустамлака штатлари делегатлари Филаделфия шаҳрида Континентал Конгрессга йиғилишди. Бу йиғилиш мустақилликни эълон қилиш ғояси йўлида курашаётганлар муваффақияти учун муҳим қадам бўлди.
Конгресс турли хил қарашларни ифода этилди. Делегация вакилларининг айримлари аҳоли норозиликларидан фойдаланиб, Британия олдига ўз талабларини қўйиш, ён беришга мажбур қилиш, пировардида эса барибир империя таркибида қолишни таклиф қилишди. Кўпчилик вакиллар эса тўлиқ мустақилликка эришиш ва инглиз ҳокимиятининг Шимолий Америкадаги мавжудлигини тугатиш масаласини қўллаб қувватлашди.
Конгресс якунида Виржиния делегати Томас Жефферсонга мустақиллик декларацияси лойиҳасини тайёрлаш топширилади. Ҳурфикрлилиги ва ғояларига қатъий содиқлиги Жефферсонни тарихий ҳужжат муаллифига айлантирди ва унинг номини тарихга абадий муҳрлади.
Мустақиллик декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқишда Жефферсонга Жон Адамс, Бенжамин Франклин, Рожер Шерман ва Роберт Livingстон каби яна тўртта таниқли шахслар ҳамроҳлик қилишган. Бешлик қўмита нафақат мустақилликни эълон қиладиган, балки ушбу муҳим қарор ортидаги тамойиллар ва фалсафани ифодаловчи ҳужжатни ишлаб чиқишган.
1776 йилнинг 4 июлида Филаделфияда навбатдаги Конгресс ўтказилди. Унда Жефферсон лойиҳаси асосидаги Мустақиллик декларацияси имзоланди. Тарихий ҳужжат имзоланиши жараёнида 7 та шимолий ва 6 та жанубий штатлардан 55 нафар вакил иштирок этди. Ушбу тарихий кунда Буюк Британиянинг ғарбий мустамлакалар устидан ҳукмронлиги ўз қонунийлигини йўқотди. Ҳужжат имзоланган бўлса, Америка Қўшма Штатлари дея номланган мамлакат ҳақиқий суверенитетга эришиш учун қонли йўлни босиб ўтишига тўғри келди.
Мустақиллик уруши
1775 йилда бошланган Америка колониялари ва Британия уруши АҚШ мустақиллиги эълон қилиниши ортидан янги босқичга кирди. Мустамлакаларини йўқотишни истамаган марказ Виржинияга қўшинлар киритди. Ёш Американинг янги ҳукумати эса аҳолидан кўнгиллилар йиғиб мустақиллик урушини бошлади.
1783 йилда асосий жанглар бўлиб ўтди. Британия кучлари енгилиб, ҳудуддаги устунлигини тўлиқ бой берди. АҚШ ҳукуматининг қудратли Британия устидан ғалабалари Лондонга мухолиф бўлган Европанинг кўплаб мамлакатлари, хусусан Францияни илҳомлантириб юборди. Париж ғарбдаги янги ҳукуматни тан олишини ва қўллаб қувватлашини билдирди. Европада АҚШга хайрихоҳ кучлар пайдо бўлиши эса Британиянинг тўлиқ мағлубиятини таъминлаб берди. Британия АҚШ мустақиллигини тан олди.
1787 йилда АҚШ конституцияси ёзилди. Орадан бир йил ўтиб эса Конгресс томонидан тасдиқланди. 1789 йилда эса конституция амалиётга жорий қилинди. Унинг биринчи ва муҳим талаби ўлароқ, АҚШда 4 йиллик ваколатга эга президент лавозими жорий қилинди. Ушбу лавозимга биринчи бўлиб киришган Жорж Вашингтон 1797 йилга қадар АҚШни бошқарди.
Ижтимоий оқим йўналиши ўзгариши ва иқтисодий тараққиёт
АҚШ тўлиқ мустақилликка эришиб, иттифоқчилар топа бошлагани билан уни улкан тараққиётдан тўсиб қолувчи омиллар бор эди. Мамлакат иқтисодий асосларига кўра амалда иккига бўлиниб бўлган эди. Эркин саноатга асослаган капиталистик шимол ва қуллар меҳнатига асосланган плантация хўжалиги устувор бўлган жануб ўртасида кескинлик бор эди.
Мамлакатни фаол капиталистик йўлга олиб киришни хоҳлаган ҳукумат ХIX асрнинг 60 йиллари бошида шимолий штатларда қулчиликни бекор қилди. Иқтисодиёт тез ривожланди. Жанубда эса эксплуататорлар қулларга эркинлик беришни ёқламади. Анъанавий эскича хўжалик юритиш шакллари давом эттирилди. Натижада мамлакат қутблана бошлади
АҚШнинг янги сайланган президенти Аврам Линкольн 1861 йилда мамлакат миқёсида қулчиликни бекор қилиш қарорини муҳокамага қўйиши ортидан фуқаролар уруши бошланиб кетди. Шимолий штатлар президентни қўллаб-қувватлади.
1865 йилда капиталистик шимол урушда ғолиб чиқди. Жануб армияси яксон қилинди. Қулдорлардан озод қилинган қуллар ҳурфикрлик ғояларига қўшилиб, плантаторларга фаол қаршилик қилишди. Мамлакат уруш қилиб бўлса-да, “катта бош оғриғи”дан халос бўлди.
Мустақиллик уруши ҳимоячиси тақдири эса аянчли кечди. Президент Аврам Линкольн 1865 йилда енгилган жануб плантаторлари ёллаган қотил томонидан оломон ичида отиб ўлдирилди. Линкольн ўлган бўлса-да, плантаторлар ҳокимиятга қайта олмади. 1866 йилга келиб қуллик бутунлай бекор қилинди.
Фуқаролар урушидан кейин АҚШ тез ривожланди. Ғарбий минтақалар катта тезликда ўзлаштирилди. Эгалланган ҳудудлар ва штатлар сони кўпайди. Франциядан сотиб олинган улкан Луизиана, Мексика урушида қўлга киритилган Техас ва Калифорния, шунингдек, Россия империясидан сотиб олинган Айласка ҳудудлари АҚШни ҳудуд жиҳатдан улкан мамлакатга айлантирди.
Биринчи жаҳон урушига келиб халқаро савдо АҚШни бойитди. Европада уруш кетаётган бир пайтда АҚШ товарлари дунёда фаол тарқала бошлади. Уруш Европани вайрон қилиш асносида АҚШни кўкларга кўтара бошлади. 1916 йилда президент Вудро Вилсон АҚШнинг дунёдаги янги мавқеини назарда тутиб, шундай деган эди — “Илгари биз дунёнинг оддий мамлакати эдик. Эндиликда эса қўлимизда жаҳон ортиқча олтинининг шунчалик катта қисми тўпланганки, унинг воситасида ер юзини бошқаришимизга тўғри келмоқда”.
АҚШ президентлари
1789 йилдан бери АҚШни 46 та президент бошқарган. Уларнинг биринчиси Жорж Вашингтон эди, сўнггиси эса Жо Байден бўлди. АҚШ конституциясининг 51-моддасига мувофиқ президент ваколати 4 йил этиб белгиланган.
Мамлакат тарихидаги энг ёш президент Жон Кеннеди эди. У 1963 йилда, 43 ёшида президент кортежига суиқасдда отиб ўлдирилган. АҚШ тарихидаги энг кекса раҳбар эса Демократлар партиясидан сайланган Жо Байден ҳисобланиб, у ҳозирда 78 ёшда.
АҚШда қонунларга номувофиқ тарзда муддатидан кўп президент курсисида ўтирган етакчилар ҳам бўлган. Хусусан Франклин Делано Рузвельт 1932-1945 йилларда мамлакатни бошқарган. Иккинчи жаҳон уруши кетаётгани ва Рузвельтнинг кучли сиёсий иродаси ногирон бўлишига қарамай уни ўз вафотига қадар президентлик курсисида сақлаб келган.
Мамлакатда партиялар сони кўп бўлса-да, сиёсий раҳбариятда ҳамиша Демократлар ва Республикачилар партиялари устунлик қилади. АҚШнинг барча президентлари шу икки партиядан сайланган. Бу партиялар кучли рақобат муҳитини шакллантириб, америкача плюрализм, демократия, манфаатлар тўқнашуви ҳамда ҳурфикрлилик рамзи ҳисобланади.
Иқтисодий салоҳият
АҚШ бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан дунёнинг энг йирик мамлакати ҳисобланади. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 28 триллион доллардан ортиқроқни ташкил қилади. 2023 йилда ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти ҳажми 65 минг доллардан ошиқни ташкил этган.
АҚШ ташқи қарз бўйича ҳам энг катта кўрсаткичларга эга. 2024 йилнинг иккинчи чорагида мамлакат қарзи 33 триллион доллардан ошди. Бу эса мамлакат раҳбариятида дефолт бўйича муҳокамаларни кўпайтирди. 350 миллион аҳолили мамлакатда юқори яшаш даражаси ва бой иқтисодиёт бўлишига қарамай, ҳали узоқ йиллар ҳал бўлмайдиган ташқи қарз ва бюджет етишмаслиги муаммоси юзага чиқди. Ҳукумат бунга қарши туриш учун ижтимоий харажатларни қисқартириш ҳамда йирик корпорациялардан олинадиган солиқларни кўпайтириш масаласида муҳокамалар олиб бормоқда.
Геосиёсат
АҚШ ташқи сиёсатда мунтазам равишда “қаттиқ куч” тамойилига таяниб келади. Инсон ҳуқуқлари ва мамлакатлар суверенитетини ҳимоя қилиш асносида хориждаги ҳарбий иштирокини ва интервенсиясини фаол тарғиб қилади.
Бутун дунёда 750 дан ортиқ АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилган. Улар асосан Европа, Яқин Шарқ ва Хитой атрофида мавжуд. НАТО ва ASEAN каби блоклар Европа, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиёда Вашингтон манфаатларини ҳимоя қилади.
Америка Қўшма Штатлари 250 йилга яқин тарихи давомида капиталистик дунё етакчисига айланди. Йиллар давомида илм-фан соҳасидаги элита ва жамиятлар интеллигенсияси АҚШда тўпланди. Бу эса мамлакатдаги юқори иш ҳақи ҳамда зиёли қатлам учун бериладиган преференсиялар билан боғлиқ. Дунёнинг техникавий соҳадаги энг йирик магнатлари ва трансмиллий корпорациялари АҚШда жойлашган. Бу мамлакат биринчи дунё мамлакати ва унинг иқтисодиётидаги ўзгаришлар капиталистик дунёни ўзгартира оладиган даражада аҳамият касб этади.
Изоҳ (0)