Ироқ қаршилик кучлари “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил уруши рўй берган тақдирда, яҳудийлар мамлакатига қарши урушга киришини эълон қилди. Бу ҳақда ҳаракат матбуот котиби берган баёнотга асосланиб, Al Arabiya хабар берди.
Ироқдаги “Исломий қаршилик ҳаракати” гуруҳи Исроилни Яқин Шарқда янги кескинлик яратиш оқибатларидан огоҳлантирган. “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳар қандай агрессия учун Тель-Авивга у кутмаган тарзда жавоб қайтарилиши айтилган.
Ироқ қаршилик гуруҳининг исми ошкор қилинмаган қўмондони AFP нашрига махсус интервью берган. Унда гуруҳнинг Исроилга таҳдидлари қуруқ гап эмас, балки амалий аҳамиятга эга эканлиги айтилган.
Қаршилик гуруҳи Ливан “Ҳизбуллоҳ”и ҳарбий раҳбарияти таркибига аллақачон ҳарбий мутахассислар ва маслаҳатчилар юборганини иддао қилган. Байрутда гуруҳ учун очилган идора ҳарбий уруш режасини ишлаб чиқишда қатнашаётгани билдирилган.
Ироқлик сиёсатшунос Али ал-Байдар “Исломий қаршилик гуруҳи” ва Исроил қарама-қаршилиги реалликка яқин бўлиши мумкинлиги айтган. Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида йирик уруш юзага келса, у Яқин Шарқ бўйлаб чўзилиши, ҳарбий ҳаракатларга биринчилардан бўлиб Ироқдаги қаршилик гуруҳлари қўшилиши тахмин қилинган. Бу гуруҳлар эса номаълум хорижий етказувчилар таъминоти ортидан ҳозирда катта ҳарбий-техник салоҳиятга эга.
Изоҳ (0)