Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япониянинг Daito Trust Construction корпорацияси президенти Кеи Такеучи билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистонга хорижий инвестициялар, юқори технологияларни жалб қилиш, чет эл компаниялари билан таълим ва миграция соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қурилиш-архитектура ва муҳандислик соҳаларида мамлакатимизда юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва уларни япон корпорациясида малакасини ошириш, стажировкалар ташкил этиш ва ишга жойлаштириш хусусида фикр алмашилди.
Корпорация президенти Кеи Такеучи Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ишларида япон технологияларини татбиқ қилиш, сейсмик хавфсизлик ва зилзилаларга бардошли япон қурилиш стандартларини жорий қилишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Daito Trust Construction корпорацияси раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда 2024 йилдан бошлаб босқичма- босқич ўзбекистонлик 100 га яқин юқори малакали муҳандис кадрларни Японияда малакасини ошириш ва ишга қабул қилиш тўғрисида келишиб олинди.
Изоҳ (0)