Президент раислигида бўлиб ўтаётган йиғилишда бугунги кунда бутун дунёда саноатда таннархни камайтириш масаласи жуда долзарблиги айтилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хорижий олийгоҳларда “таннарх муҳандислиги” (кост инжиниринг) деган фан бор, ҳатто кадрлар тайёрланади. Ёки, “қиёслаш муҳандислиги” (benchmarkинг) орқали энг яхши амалиёт ва ютуқлар таҳлил қилиниб, улардан андоза олиб, ишлаб чиқаришда жорий қилиш ўргатилади. “Қайта муҳандислик” (реверсив инжиниринг) тайёр маҳсулотни олиб, ишлаш механизмини бўлакларга бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда, ўхшаш маҳсулот яратишни ўргатади.
Президент бирорта техника олийгоҳида буларга ўқитиш йўлга қўйилмаганини афсус билан қайд этди. Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур.
Охирги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар, яъни 9 фоиздан 42 фоизга ошгани билан ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда пастлиги қайд этилди. 2023 йил сўровномасида атиги 8 фоиз мактаб битирувчиси шу соҳани танлаган.
Кўпгина профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолган. Муҳандислик бўйича 9 минг 600 нафар профессор-ўқитувчининг 40 фоизи сўнгги 5 йилда малака оширмаган.
Айрим институтлардаги ўқитувчиларнинг юкламаси хорижга нисбатан 2 карра кўп. Баъзи университетлар илмий лабораторияларидаги ускунанинг 50 фоизи эскирган, қўшимча лаборатория ва замонавий жиҳозларга эҳтиёж мавжуд.
Изоҳ (0)