Хитой ҳукумати уйғур қишлоқлари ва шаҳарларининг номларини оммавий равишда ўзгартиришда давом этмоқда. Шинжондаги репрессив сиёсатнинг бир қисми сифатида 630 га яқин номи ўзгарган жойлар аниқланди. Бу ҳақда Human Rights Watch’га таяниб, The Guardian хабар берди.
Маълум қилинишича, диний ва маданий ёдгорликларга ишора қилувчи номлар коммунистик партия мафкурасини акс эттирувчи номларга ўзгартирилмоқда. Ҳукумат уйғур республикалари ёки 1949 йилгача мавжуд бўлган раҳбарлар номини ҳам ўзгартирган. Янги қишлоқларнинг номлари одатда хитой тилининг мандарин диалектида ёзилади.
Human Rights Watch’нинг Осиё бўйича директори Элейн Пирсон бу ҳаракатлар уйғурларнинг маданий ўзига хослигини йўқ қилиш ва диний эркинликни бостиришга қаратилганини айтди. Уйғур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Райҳан Асат ўзгаришлар нафақат тарихий обидаларни, балки уйғур халқининг ижтимоий-маданий алоқаларини ҳам йўқ қилишини таъкидлади.
Уларнинг қишлоқлари номлари нафақат тарихий ёдгорлик, балки жамият ришталари, ўзига хос шаҳар маданияти ва қадриятларини ҳам ифодалайди. Давлат томонидан номларни ўчириш ва алмаштириш сиёсати тарихимиз, маданиятимиз ва цивилизациямиздан ажратишга қаратилган, — деди у.
Изоҳ (0)