Қирғизистон президенти Садир Жапаров йўл ҳаракати қоидаларини бузган скутер ва самокатларни бошқарган шахслар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи фармонни имзолади.
“Қирғизистонда йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунда “пиёдалар”, “шахсий ҳаракатланиш мосламалари” (электросамокатлар, электр скейтбордлар, сигвейлар, моноғилдираклар ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) тушунчалари киритилмоқда. Қонун Жогорку Кенеш томонидан 2024 йил 24 апрелда қабул қилинган.
Эндиликда скутерни бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар 1 минг сом (тахминан 144 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин. Шунингдек, пиёдалар йўлагидан ҳаракатланмаган, йўлни кесиб ўтган, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган фуқаролар жаримага тортилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда электросамокатларда ҳаракатланишни чеклаш таклиф этилганди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, мамлакатда мазкур транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракатланиши пиёдалар, велосипедчилар ва автомашиналар учун қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Ўзбекистонда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига “электр самокат” тушунчаси киритилмаган.
Изоҳ (0)