Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳаракатланаётган Gentra автомобилидан танаси чиқарган қиз видеоси юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 4 июнь куни соат 23:50 ларда Андижон шаҳар Миллий тикланиш кўчасида 20 ёшли К.А. ўзининг Gentra русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётганида (тегишли ҳужжатларсиз бошқарган ва ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган) йўловчи сифатида олд ўриндиқда бўлган 17 ёшли Т.М. транспорт воситасининг салон қисмидан танасини чиқарган.
Мазкур ҳолат юзасидан, ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида қоидабузар ҳамда ҳуқуқбузар шахслар аниқланиб, уларга қонун доирасида тегишли тартибда чора кўрилган ва профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шунингдек, Фарғона вилоятида машина люкидан вояга етмаган йўловчининг танасини чиқаришга йўл қўйиб берган Onix ҳайдовчиси жавобгарликка тортилди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Бундан олдин Қорақалпоғистондаги тўйда танасини машинадан чиқариб тасвирга олган операторлар ва ҳайдовчи жаримага тортилган эди. Шунингдек, Андижонда 20 ёшли қиз машинадан танасини чиқариб ҳаракатлангани, Самарқандда ҳаракатланаётган Gentra'дан танасини чиқариб, сохта доллар сочган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)