Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида ҳаракатланиб кетаётган автомобиль устига чиқиб олиб, қўшиқ куйлаган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, туманнинг ички йўлларидан бирида 28 ёшли фуқаро ҳаракатланиб кетаётган “Жигули” устида қўшиқ куйлаган ва унинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолда видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.
Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома тузилган ва транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.
Бундан олдин Қорақалпоғистондаги тўйда танасини машинадан чиқариб тасвирга олган операторлар ва ҳайдовчи жаримага тортилган эди. Шунингдек, Андижонда 20 ёшли қиз машинадан танасини чиқариб ҳаракатлангани, Самарқандда ҳаракатланаётган Gentra’дан танасини чиқариб, сохта доллар сочган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)