Фатво маркази криптовалюталар юзасидан эълон қилган фатвоси учун узр сўради.
Аввалроқ Ислом динида биткоин, ноткоин ва бошқа шу каби криптовалюталарда савдо-сотиқ қилишга муносабат қандайлиги бўйича Фатво маркази маълумот берган эди. Унда биткоин, ноткоин каби криптовалюталарни ўзаро айрибошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмаслиги айтилганди.
Маълум қилинишича, мазкур хабар эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.
Ҳурматли юртдошлар! 2024 йил 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан “Криптовалюталар савдоси жоизми?” деган мавзуда савол-жавоб лойиҳаси техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қиламиз. Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида экани, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва, шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирамиз. Сиз азизлардан узр сўраган ҳолда, ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта эътиборингизга ҳавола этилишини маълум қиламиз, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)