Самарқанд вилояти Нуробод туманида 5 яшар бола ток уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Аниқланишича, 16 май куни Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи, 2019 йилда туғилган Р.М. ток уриши натижасида вафот этган.
Туман прокуратураси томонидан тузилган тезкор-тергов гуруҳи ҳодиса жойига чиқиб ҳолат ўрганилганда, “Омондара” МФЙ, Чунқаймиш қишлоғи ҳудудидаги тепаликдан ўтган электр симини вояга етмаган Р.М. ушлаши оқибатида электр токи уриб, воқеа жойида вафот этгани аниқланган.
Тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, Р.М.нинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан “Самарқанд вилоят ҳудудий электр тармоқлари” АЖга хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда Нуробод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтайи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиради.
Аввалроқ Тошкентдаги мактабда 8-синф ўқувчиси ток уриб вафот этиши ортидан ушбу мактаб директори ўринбосари қамоққа олинган эди. Суд ҳукмига кўра, мактаб директори ва директор ўринбосари Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Уларга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)