Фарғона ва Бухоро вилоятларида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “А.Н.” МЧЖ раҳбари Т.Ж. МЧЖ савдо дўконида 18 турдаги қалбаки акциз маркали жами 1 387 дона алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Д.Т.” МЧЖ раҳбари К.Ф. ва бошқалар МЧЖ савдо дўконида 12 турдаги қалбаки акциз маркали жами 663 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)