Қушнинг ҳам ини бузилмасин... Доно халқимиз дуоларида кўп бор тилга оладиган бу гапда чуқур маъно бор. Зеро, ажрим, оилавий парокандалик ачинарли ва азобли ҳол. Ҳаётда шундай вазиятлар ҳам бўладики, тугатмаслик, нуқта қўймасликнинг ҳеч иложи қолмайди. Хусусан, оиладаги зўравонлик, ўзаро муносабатларда бир одамнинг бошқасига зуғум ва руҳий босим ўтказиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келиниши мумкин. Тугатиш, нуқта қўйиш деганда фақат эркак ва аёл, эр ва хотин муносабатларига якун ясалишинигина тушунмаслик керак, бизнингча. Чунки маиший зўравонликнинг шакллари, турлари кўп. Унга ҳар қандай ҳолатда ҳам чек қўйиш зарур. “Дарё” мухбири мазкур мавзуда мутахассислар – психолог Феруза Алимова ҳамда психотерапевт Дилмурод Анваров билан суҳбатлашади.
— Марказий Осиё, балки жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бир воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. У ҳам бўлса, Қозоғистон Республикасининг собиқ иқтисодиёт вазири содир этган жиноят, яъни унинг ўз рафиқасини қийноққа солиб, азоблаб ўлдиргани ва шу воқеа билан боғлиқ суд жараёнларидир. Очиқ трансляция қилинган ушбу жараён, жумладан, Бешимбаевнинг айби исботланиб, 24 йилга озодликдан маҳрум қилиниши барчанинг диққат марказида бўлди. Миллионлаб одамлар судни кузатди ва мазкур мавзу юзасидан турли фикрлар билдирилди. Ушбу аянчли воқеага сизнинг ҳам эътиборингизни қаратган ҳолда бир нарсани очиқ айтишимиз мумкинки, бундай ҳолатлар фақат Ўзбекистон ёки Қозоғистонда эмас, балки аёлларга, болаларга нисбатан зўравонлик, умуман маиший зўравонлик дунёнинг исталган мамлакатида кузатилмоқда. Шу маънода масалага кенгроқ назар ташлаган ҳолда аввало, шу жиноятни содир этган Қувондиқ Бешимбаевни оладиган бўлсак, кўплаб мутахассислар, психологлар, психотерапевтлар унга абьюзер, нарцисс, шизофреник, психопат каби тавсифларни бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Қизиқ, унинг шундай эканлигини оиласидагилар, яқинлари сезмаганмиди? Ўзи умуман, бундай одамни олдиндан билиш, ажратиб олиш мумкинми? Абьюзернинг ўзига хос белгилари борми?
Феруза Алимова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Психология ўқув-илмий маркази бўлим бошлиғи:
— Энг аввало, сўзимизни “маиший зўравонлик ўзи нима?”, деган саволга жавоб беришдан бошласак. Бутун жаҳонда бу борадаги тушунчалар турлича. Психологик жиҳатдан олиб қаралса, зўравонлик деганда, ўзидан кўра заифроқ одам ёки қурбонни уриш ва калтаклашгина тушунилмайди. Катта тақиқлар қўйиш, яқинлар билан муносабатларни чеклаш, ўқиш ва ишлашга рухсат бермаслик, моддий чекловлар, ҳатто сўкиниш-у беҳаё ҳазиллар қилиш ҳам зўравонлик белгисидир.
Лекин кўпчилик, яъни нафақат бизнинг Шарқ маданиятида, балки Ғарбда ҳам жисмоний жароҳат етказишдан бошқаси зўравонлик белгиси саналмайди. Умуман олганда, зўравонлик – мураккаб тушунча. Биз фақат оғир ҳолатлар: қурбонга сезиларли даражада жисмоний, моддий, маънавий зарар етказилган пайтда, яъни психологик-эмоционал зўравонлик қилинган пайтдагина абьюзив ҳолатни қайд этамиз. Аслида эса бу анчайин кенг қамровли тушунча. Фақатгина эркакларнинг аёлларга ёки ота-онанинг фарзандига эмас, аксинча, фарзандларнинг ота-онасига, аёлларнинг эркакларга нисбатан, қолаверса, ишхонада раҳбарнинг ходимларга, дўстларнинг бир-бирига нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бундай одамларни билиш, таниш мумкинми? Очиғи, бу жуда мураккаб юмуш.
Уларнинг шахсига оид хусусиятларни таҳлил қиладиган бўлсак, ташқаридан қараганда, бу одамлар ўзини ҳамма қатори тутади ва улардаги зўравонлик белгилари умуман сезилмаслиги мумкин. Абьюзернинг хулқ-атвори мураккаб шаклга эга. Дейлик психопатик характер ўзига хос хусусиятлари билан намоён бўлса, абьюзер аксинча, ташқаридан идеал кўринишга ҳаракат қилади. Кўп ҳолларда бундай оилаларнинг ташқи фасади чиройли бўлади ва ён-атрофдагилар бу оилада нималар юз бераётганидан бехабар қолади.
Дилмурод Анваров, Республика руҳий касалликлар клиник шифохонаси врач-психиатри:
— Абьюз сўзи маъно жиҳатидан суиистеъмол қилиш, ҳақоратлаш, босим ўтказиш деган сўзларга яқин. Абьюзив ҳолат икки хил тамойилга асосланади ҳамда унда агрессор ва қурбон иштирокини кузатиш мумкин.
Агрессор қурбонини шу даражада назорат қилишга ўтадики, натижада унинг молиявий аҳволи, қадр-қиммати, ҳаётидаги муқаддас тушунчалар оёқости бўла бошлайди. Зўравон ўз қурбонининг шахсини ҳақоратлаши ёки уни тўлиқ инкор қилиши, жуда қийин ҳолга солиши мумкин. Яна бир муҳим жиҳат борки, абьюзерликда даврийлик кузатилади, яъни баъзи бир пайтда агрессия кучайиб, баъзан тинчлик, сокинлик ҳукм суради. Ўша пайтда қурбоннинг ўзи ҳам ўйлаб қолади: “Бу одам касалми ёки соғ? У менга нисбатан меҳрлими ё қаҳрли?”. Бундай тинчлик босқичи шартли равишда “асал ойи” деб ҳам аталади. Бу даврда шу қадар тинчлик ҳукм сурадики, қурбон абьюзер ҳақида шундай хаёлга боради: “Мен унга керакман, ёнида бўлишим зарур, энди ҳаммаси ўзгаради, у мени қадрлайди...”. Яна бир муҳим жиҳати — абьюзер шахслар ўзини шу қадар бечораҳол, камтарин қилиб кўрсатади-ки, қурбон унинг яхши томонга ўзгаргани, хушмуомалалиги ёки бошқа бир ижобий жиҳатларига ишониб, кетиш фикридан қайтаверади.
Феруза Алимова:
— Шу ўринда бу ишни улар атайин қиладими, деган савол туғилиши мумкин. Аслида, улар ўзини атайин бундай тутмайди. Абьюзерлар, одатда, агрессив ҳаракатлар қилаётган пайтда ҳам самимий, юракдан қилади бу ишни. Худди шунингдек, “асал ойи”да ҳам совғалар бериш, ҳамма нарсага рухсат этиш, яхши гапириши самимий бўлади. Шу боис, бунинг нима эканини на ташқаридагилар ва на қурбон сеза олади. Абьюзер ҳар гал қурбонини уриб, калтаклаб, ҳамма ёғини кўкартириб бўлгач, ўзгараман деб ваъда беради, кечирим сўрайди. Табиийки қурбон ҳам бунга ишонади.
Дилмурод Анваров:
— Яна бир томони бор: зўравон шахс ўзгараман дейишдан аввал ҳамма айбни қурбонига тўнкайди, “Мени шу даражага олиб келган сен, менинг ҳисларим билан ўйнашмаганингда ёки қуюшқондан чиқишимга мажбур қилмаганингда, қўл кўтармас эдим, ҳақоратламас эдим”, — дейди.
— Қозоғистондан трансляция қилинган онлайн судни кузатиш давомида жуда кўпчилик судланувчининг ота-онасини айблади. Шундай фарзанд катта қилган, унга ёмон тарбия берган, деган мазмундаги фикрлар билдирилди. Аммо ўйлаб қарасак, ҳеч бир ота-она фарзандим жиноятчи бўлсин, бировнинг ҳаётига нуқта қўйсин, демайди. Фақат тарбияда билиб-билмай қандайдир хатоларга йўл қўйилиши мумкин. Суд жараёнида Қувондиқ Бешимбаевнинг эмоциясиз сўзлаши, ўзини қалбсиз одамдек тутиши, рости, ҳайратланарли. Буни ҳатто прокурор ҳам судда қайд этди: “Мен кўп йиллик фаолиятим давомида бундай қалбсиз одамни кўрмаганман”, дея. Сизнингча-чи, бундай эмоциясиз, қалбсиз одамлар қандай оилада вояга етади? Бу ота-онанинг айбими ёки жамиятнинг?
Феруза Алимова:
— Абьюзер шахснинг шаклланиш жараёни жуда мураккаб. Бу шахснинг хусусиятлари, психофизиологияси, тарбия модели, атроф-муҳит таъсирида шаклланадиган тушунчаларни ўз ичига олади. Шунинг учун ҳам фалончи абьюзер бўлиб қолади, дея олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Аммо асосий омиллар бор. Биринчидан, ота-онанинг хулқ-атвори. Агар бола ота-онасида худди шундай хулқ-атвор ва шу моделдаги муносабатларни кўрган бўлса, унда бу бир вариант сифатида онг остида қолади, яъни шу шахснинг зўравон бўлиши эҳтимоли кучаяди. Маълумки, болалар вояга етиши жараёнида ўзига хос комплекслар юзага келади, ўзига паст ёки юқори баҳо бериш кабилар шулар жумласидандир. Одамнинг қанчалик етук шахс эканлиги, агрессорлик даражаси, ўз муаммоларини мустақил ҳал қилиш стратегияси – буларнинг бари аста-секин шаклланади. Ва ниҳоят, жамиятдаги тушунчалар бор, масалан, мен эркак кишиман, эркак киши устун бўлиши керак, айтганим сўзсиз бажарилиши шарт деган стереотипни олайлик. Устига-устак бу одам масъулиятни зиммасидан соқит қиладиганлар хилидан, дейлик. Одатда, бундайлар (яъни, агар эркак киши шундай бўлса) аёлини калтаклайди-да, “Сен яхши бўлганингда мен шундай қилмасдим, хотин киши тилидан топади”, дея масъулиятни ўзидан соқит қилади. Шунингдек, абьюзернинг шаклланишида унга ўзга одам томонидан зўравонлик қилингани ҳам вариантлардан бири сифатида рол ўйнайди. Масалан, бола катта бўлаётганда отаси ёки онасида худди шундай ҳолатни кўрган бўлса, яъни субъектив равишда адолатсизлик ҳисси бўлса, аламини хотинидан, бола-чақасидан олиши мумкин.
— Дилмурод Исроилович, айтинг-чи, бундай одамларни қандай даволаш мумкин?
Дилмурод Анваров:
— Умуман, касб нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, психокоррекция усулини айтишимиз мумкин. Бунда носоғлом муносабатларга тузатиш киритилади. Яъни, абьюзив муносабатлар тўғри эмаслиги, оила келажаги билан боғлиқ башоратлар мурожаат этувчига турли усуллар билан тушунтирилади. Бу тузаца бўладиган ҳолат, даражасига қараб коррекциялаш мумкин. Аммо биз оиладаги зўравонлик юзасидан мурожаат қиладиган беморларга тўғридан тўғри бу муносабатларни тугатиш ёки давом эттириш ҳақида маслаҳат бермаймиз. Фақат шу шаклдаги муносабатлар давом эттирилса нима бўлади-ю, тугатилса нима юз беради, шу ҳақида тушунча берамиз. Ҳал қилувчи қарор мурожаат этувчининг ўзида қолади.
Абьюзерлик, нарциссизм каби ҳолатлар бўйича мурожаатларга назар ташлайдиган бўлсак, кўпинча, эркакларга нисбатан аёллар оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилишади. Яъни, аёл турмуш ўртоғини олиб келади ва улар билан суҳбат ўтказиб, психокоррекция усулларини қўллаймиз, натижада аҳвол бирмунча яхшиланади. Лекин қанча муддатга қадар яхши бўлиши номаълум.
— Етарлича меҳр бериш, эътиборли бўлиш ва мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда ёки китоблар ёрдамида болани тарбиялаш — булар абьюзер шаклланишининг олдини олишга хизмат қиладими?
Феруза Алимова:
— Албатта, инсон ҳар қандай физиология билан туғилган тақдирда ҳам уни яхши тарбиялаб, меҳр билан камолга етказиш мумкин. Меҳр қўл билан ушлаб бўлмайдиган нарса, нима ўзи у, қаерда бўлади, неча грамм у, деган саволларга жавоб топа олмаймиз, албатта. Зеро, бу абстракт тушунча. Меҳрнинг психологияда ўз пунктлари, омиллари бор. Биринчи навбатда, боланинг саломатлиги, соғлом ўсишига бўлган эътибор – касалини вақтида даволаш, вақтида шифокорга кўрсатиш, тоби қочса, безовта бўлиш кабилар. Иккинчиси, унинг шахс сифатида ривожланиши, ўқиши, репетиторга бориши, спорт тўгаракларига қатнаши ҳақида ғамхўрлик, унинг ҳаёти билан қизиқиш ва бу жараёнда иштирок этиш. Учинчиси, дўстлари ким, қаерга боряпти, нимага қизиқади – шулар билан қизиқиш. Тўртинчиси, эмоционал илиқлик, боланинг ёнида ўтириб уни қучиш, ўпиш, эркалаш, суҳбатлашиш, яхши гапларни айтиш, шахс сифатида уни тан олиш, ишонч билдириш. Меҳрнинг асосий компонентлари шу. Қаердадир хато, камчиликка, билиб-билмай депревацияга йўл қўйилган бўлса, психологга мурожаат қилган маъқул. Агар ота-онанинг ўзи буни тушунмаса, айнан мутахассис юқорида айтилган пунктлар бўйича улар билан ишлайди. Фақат ота-она буни вақтида англаб, мутахассисга мурожаат қилиши керак.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини “Дарё” нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)