Ирландия миллий телерадиокомпанияси хабарига кўра, Ирландия, Испания ва Европа Иттифоқига аъзо бошқа қатор давлатлар Фаластин давлатини тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум бўлишича, Дубльин ва Мадрид, шунингдек, Словения ва Малта ўртасидаги алоқалар Фаластин давлатчилигини биргаликда тан олиш мақсадида фаоллашган.
Мамлакатлар 10 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан фаластинликларнинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиш ҳуқуқига эга деб тан олинишини кутмоқда.
Испания, Ирландия, Малта ва Словения 22 март куни эълон қилган қўшма баёнотда Фаластин давлатини тан олиш йўлида илк қадамларни ташлашга келишиб олганликларини айтган. Испания ва Ирландия узоқ вақтдан бери Фаластин ҳуқуқлари бўйича ҳаракат қилиб келмоқда.
Маълумот учун, 1988 йилдан бери БМТга аъзо 193 давлатдан 139 таси Фаластин давлатини тан олган.
Исроил ушбу тўрт давлатнинг режасини “терроризм учун мукофот” деб атаган ҳамда мазкур ҳаракатлар Ғазо можаросини музокаралар йўли билан ҳал қилиш имкониятларини камайтиришини айтган.
Изоҳ (0)