ҲАМАС Фаластин давлатчилиги таъминланса, Исроил билан беш йил ёки ундан кўпроқ муддатга сулҳ тузишга тайёрлигини эълон қилди. Бу ҳақда ҲАМАС сиёсий бюросининг юқори мартабали аъзоси Халил ал-Ҳайя Associated Press агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“ҲАМАС Исроилнинг 1967 йилгача бўлган чегаралари доирасида Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида тўлиқ суверен Фаластин давлати тан олинишига рози бўлади. Агар шундай бўлса, гуруҳнинг ҳарбий қаноти тарқатиб юборилади”, — деди Халил ал-Ҳайя.
Шунингдек, у ҲАМАС Фаластин озодлик ташкилотига қўшилишни ва Ғазо сектори ҳамда Ғарбий Соҳилни бошқариш учун ягона ҳукумат тузмоқчи эканини қўшимча қилди.
Аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания жанговар ҳаракатлар тугагач, Ғазо сектори фаластинликлар томонидан бошқарилишини таъкидлаганди ва Фаластин ички сиёсатини ислоҳ қилиш режаси билан бўлишганди.
“ҲАМАС Ғазо секторини якка ўзи назорат қилишни талаб қилмайди. Бироқ биз Фаластин халқининг бир қисмимиз ва ҳамкорликка асосланган миллий бирлик ҳукуматини тузиб, Ғазо секторини бошқариш бўйича келишиб олишимиз мумкин. Биз ишғолчилар ёки бошқа бировнинг Фаластин, Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ёки иккаласидаги вазиятни тартибга солишига рухсат бермаймиз”, — деган Исмоил Ҳания.
Изоҳ (0)