Испания ёшлар вазири Рафаҳга ҳужум ортидан Исроилга қарши санкциялар жорий этишга чақирди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Испания ҳукуматининг ёшлар вазири 7 май куни Исроил армияси Миср билан чегарадаги Рафаҳ чегара пунктининг Фаластин томонини назорат остига олганидан кейин Тель-Авивга қарши санкциялар киритишга чақирган. Исроил ҳарбий жиноятларига асло тоқат қилиб бўлмаслигини билдирган.
Испания вазири Сира Регонинг асли келиб чиқиши фаластинлик экани айтилган. У ўзи томонидан эълон қилинган ижтимоий тармоқдаги постида Исроилнинг Рафаҳга бостириб кириши ва бомбардимон қилишини кескин қоралаган. Тель-Авивни инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога киришини тўсиб қўйганликда айблаган.
“Испания Фаластин халқига қарши геноцид содир этаётган Нетаньяху ҳукуматига қарши санкциялар қўллаши керак”, — деган Испания расмийси.
Олдинроқ Испания Бош вазири Педро Санчез Рафаҳга ҳужум Фаластин халқи азобини янада кучайтириши ҳақида огоҳлантирган эди. У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни бу фожиа олдида лоқайд турмасликка чақирган.
Испания расмийлари Ирландия ва Қатар раҳбарлари билан Ғазодаги вазият ҳақида мунтазам суҳбатлашиб турганини билдиришган. Мустақил Фаластин давлатини тез орада тан олишга ваъда берилган.
Изоҳ (0)