Америкалик миллиардер Илон Маск Вашингтоннинг Киевни ўн йил давомида қўллаб-қувватлаши ҳақидаги муҳокамани “аҳмоқлик” деб атади.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат расмийлари АҚШ билан биргаликда хавфсизлик бўйича икки томонлама шартнома ишлаб чиқаётганини айтган эди.
“Бу ақлдан озиш. Абадий уруш”, — деб ёзди Илон Маск Х ижтимоий тармоғида америкалик бизнесмен Девид Сакснинг хабарига жавобан. Девид Сакс ўз постида Украина ва Қўшма Штатлар ўн йилга мўлжалланган хавфсизлик келишуви устида ишлаётганини таъкидлаганди.
28 апрель куни Владимир Зеленский ёрдам шартномасини Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ва АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Жеймс ЎБраен муҳокама қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат ҳарбий, молиявий ва сиёсий ёрдам бўйича мажбуриятларни ўз ичига олиши мумкин.
Украина Буюк Британия, Германия, Дания, Франция, Канада ва Италия билан икки томонлама хавфсизлик шартномаларини тузган. Февраль ойида Норвегия билан ҳам шунга ўхшаш келишувлар муҳокама қилинаётгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)