Украина Россияга қарши жангларда ҳалок бўлган 140 нафар аскарнинг жасадини Москвадан қайтариб олди. Бу ҳақда Тhе Kyiv Independent нашри хабар берди.
Дастлаб ҳарбий асирлар бўйича мувофиқлаштирувчи штаб 26 апрель куни бу ҳақда хабар берган. Штабнинг Telegram тармоғидаги хабарида айтилишича, ҳалок бўлган аскарларнинг 112 нафари Донецк йўналишида, 20 нафари Луганск йўналишида, беш нафари Суми йўналишида, икки нафари Запорожье йўналишида ва бир нафари Херсон атрофларида жанг қилган.
“Шахслари аниқлангандан сўнг, ҳимоячиларимизнинг жасадлари муносиб дафн қилиш учун оила аъзоларига топширилади”, — дейилади Украина томони берган расмий хабарда.
Ҳалок бўлган ҳимоячилар жасадларини қайтариш ҳаракатлари бир қанча ҳукумат ва ҳарбий идоралар, жумладан, Украина Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати ва қуролли кучлар билан ҳамкорликда олиб борилган.
Хабарда айтилишича, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси жасадларни топшириш юзасидан томонлар ўртасида воситачилик қилган. Украина раҳбарияти ташкилотга миннатдорчилик билдирган.
Жорий йилнинг 29 март куни ҳам 121 нафар ҳалок бўлган украиналик аскарнинг жасади дафн қилиш учун оилаларига топширилган эди. Украина президенти маъмурияти ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлигини эълон қилган.
“Ҳар бир аскар биз учун жуда катта йўқотиш. Бу урушда 31 минг Украина аскари ҳалок бўлди. Бу биз учун жуда оғриқли”, — деган президент Владимир Зеленский.
Изоҳ (0)