АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, агар Хитой Россияга икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришни тўхтатмаса, мамлакатга нисбатан чеклов чораларини киритишга тайёрлигини маълум қилди.
Унинг қайд этишича, бу мавзу Пекинда Хитой раиси Си Цзиньпин ва ташқи ишлар вазири Ван И билан музокараларда муҳокама қилинган.
“Бугунги муҳокамалар чоғида мен Хитой томонидан Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини кучайтирувчи компонентлар етказиб берилишидан жиддий хавотирларимизни такрорладим. Агар Хитой бу ҳаракатни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаса, биз санкциялар қўллашга тўлиқ тайёрмиз”, — деди Блинкен матбуот анжуманида.
У АҚШ аввалроқ Хитой компанияларига қарши санкциялар киритганини эслатиб ўтди.
АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, Хитой Россия ўзининг мудофаа-саноат комплексини қуришда фойдаланадиган дастгоҳлар ва микроэлектроника, шунингдек, бошқа икки мақсадли маҳсулотларнинг энг йирик етказиб берувчисидир. Унинг фикрича, Хитой Россияга ёрдам беришда давом этар экан, Ғарб давлатлари билан яхши муносабатларга интила олмайди.
Энтони Блинкеннинг Хитойга ташрифи арафасида The Wall Street Journal мақола эълон қилди, унда, хусусан, Россия-Украина ҳарбий можароси бошланганидан кейин Хитой Россияга электрон схемалар, самолёт қисмлари, машиналар ва техникаларнинг асосий етказиб берувчисига айлангани айтилади.
Хитой банклари Россияга тижорат экспортида асосий воситачилар сифатида тилга олинди. Нашр АҚШ уларга қарши санкциялар жорий этишга ҳозирлик кўраётганини ҳам маълум қилганди.
Изоҳ (0)