“Толибон” ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Мутаққий Афғонистонга қўшни уч давлатни ИШИДни қўллаб-қувватлаётганликда айблади. Бу ҳақда Etilaatroz хабар берди.
Мутаққий 25 апрель куни Кобулдаги “Афғон—Қозоқ” кўргазмасининг очилиш маросимида тегишли баёнот берди. У ИШИД учун Афғонистонда жой йўқлиги, бироқ учта қўшни давлат ИШИДни ишчи кучи билан таъминлаб, уни молиялаштираётганини қайд этди.
“Толибон” мулозими бу айнан қайси давлатлар эканини айтмади.
“Афсуски, бу давлатлардан бири ИШИДнинг ишчи кучини таъминласа, иккинчиси таълим дастурларини молиялаштириб, марказлашувини таъминлайди, учинчи давлат эса гуруҳ ҳужумларини бошқаради” — деди у.
Мутаққий, агар бу уч давлат ўз мажбуриятларини бажарса, Афғонистонда муаммо йўқлигини қўшимча қилди. “Толибон” қўшни давлатларни ИШИДни қўллаб-қувватлашда айблаган бир пайтда қўшни давлатлар Афғонистондаги террорчилик гуруҳлари фаоллигидан хавотирда.
24 апрель куни Покистонга ташриф буюрган Эрон президенти Иброҳим Раисий Покистон бош вазири билан қўшма баёнотида Афғонистонда террорчилик ташкилотлари мавжудлигини минтақа ва дунё хавфсизлигига жиддий таҳдид деб атади. Покистон расмийлари бундан олдин ҳам кўп маротаба афғон фуқаролари мамлакатдаги ҳужумларда иштирок этганини даъво қилган. “Толибон” эса Афғонистондаги ҳужумларда Покистон ва Тожикистон фуқаролари иштирок этганини бир неча бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)