ИШИДнинг минглаб жангарилари Афғонистонда тайёргарликдан ўтмоқда ва ўз ҳужумларини режалаштирмоқда. Бу ҳақда Американинг Daily Beast нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, “Толибон” режими аёлларга нисбатан шафқатсизлик ва қаршиликдан ташқари, ИШИД таҳдидини ҳам жонлантирган. “Толибон”нинг ИШИДни бостиришга уриниш ҳақидаги даъволарига қарамай, Афғонистонда минглаб жангарилар машғулотлар ўтказмоқда.
ИШИДнинг 3 январда Эронда Қосим Сулаймонийни хотирлашда содир этган худкуш ҳужуми гуруҳнинг 100 дан ортиқ одам ўлдирган энг йирик ҳужуми бўлди. Исми ошкор этилмаган Афғонистон хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Daily Beast нашрига ИШИД Афғонистонда кучайишда давом этишини айтди.
“Агар ‘Толибон’ уларга янги бошпана яратишга рухсат берса, ИШИД бутун дунё бўйлаб ўз нишонларига ҳужумлар режалаштира бошлайди”, — деди у.
Афғонистон хавфсизлик хизмати собиқ ходими ИШИД жангарилари Сурия, Бангладеш, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларидан келганини айтди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Изоҳ (0)