“Толибон” бош вазирининг сиёсий ўринбосари Маулви Абдул Кабир Афғонистонда ИШИД фаолияти бостирилгани, ҳеч ким террор ташкилотини кучли кўрсатиш учун лоббичилик қилмаслиги кераклигини айтди. Бу ҳақда Aamaj News хабар берди.
“Толибон” расмийси тегишли баёнотни Кобулда баъзи мамлакатлар элчилари, БМТ ва Европа Иттифоқи вакиллари иштирокидаги ифторлик зиёфатида айтди. У дипломатларни Афғонистон тупроғини бошқалар учун таҳдидга айлантиришга йўл қўймаслигига ишонтирди.
“ИШИД Афғонистон, минтақа ва дунёнинг душмани, ҳеч ким бу гуруҳни кучайтиришга уринмаслиги керак”, — деди у.
Сўнгги ойларда Афғонистоннинг Қандаҳор, Эроннинг Кермон ва Россиянинг Москва вилоятидаги ИШИД ҳужумларидан сўнг, айрим давлатлар бу гуруҳ фаолиятининг кенгайишидан хавотир билдирди.
Маулви Абдул Кабирнинг қўшимча қилишича, “Толибон” ўзининг иқтисодга йўналтирилган ташқи сиёсати туфайли барча давлатлар билан яхши муносабатларга эга бўлишни истайди ва минтақа давлатлари биргаликда минтақавий ташаббусларни яратиши ва мустаҳкамлаши мумкин.
Изоҳ (0)