Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш чоршанба куни Польша Украинага хорижга қочиб кетган ҳарбий ёшдаги эркакларни “аниқлаш”да ёрдам беришга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у PolSat телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унга кўра, Варшава узоқ вақтдан бери Киевга украиналик қочқинлар ва муҳожирлар орасидан сафарбар қилинганларни аниқлашда ёрдам беришни таклиф этган. Вазир бу ёрдамнинг ўзига хос шакллари Украинанинг ихтиёрига кўра бўлишини айтган.
Менимча, кўплаб ватандошларимиз кафеларда украиналик йигитларни кўриб, Украинага ёрдам бериш қанчалар машаққат талаб қилаётганини эшитиб, ғазабланишди, — деди Косиняк-Камиш.
Аввалроқ Украина ТИВ 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Украина фуқаролари учун хорижда ҳужжатларни расмийлаштириш тўхтатилишини эълон қилган эди. Мазкур қарор Украинада яқинда қабул қилинган сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун билан боғлиқ.
Евроиттифоқ статистикасига кўра, 2024 йил январида Европа Иттифоқи мамлакатларида 4,3 миллионга яқин украиналиклар, хусусан, 860 мингга яқини эркаклар бўлган. Польша расман 950 минг украиналикка вақтинчалик бошпана берган ва бу кўрсаткич бўйича Германиядан кейин иккинчи ўринда туради.
Изоҳ (0)