Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) исроиллик ҳарбийлар томонидан фаластинлик маҳбусларга жинсий зўравонлик қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри батафсил хабар берди.
Манбада айтилишича, маҳбусларга муттасил зўравонлик қилинган. Уларга нисбатан аскарлар томонидан ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар содир этилган.
“Эркаклар ҳам, аёллар ҳам ҳибсда бўлган пайтларида (Исроил армияси томонидан) жинсий зўравонлик ва таъқибга учраганликлари ҳақида хабар беришди. Маҳбуслар ечинишга мажбурланиб, сўнгра калтакланган. Электр зондга ўтиришга мажбурланганлар ҳақида ҳам хабар берилган”, — дейилади хабарда.
БМТ ҳисоботида қўшимча қилинишича, ҳибсга олинган аёллар ҳам психологик зўравонликни бошидан ўтказган. Уларга нисбатан таҳдидли буйруқлар берилган.
“Улар аскарлардан юзимга тупуришни сўрашди. Мени енгилтак деб аташди. Муттасил калтаклашди ва жинсий аъзоларимизга қалампир сепиш билан таҳдид қилишди”, — деган 34 ёшли фаластинлик аёл.
БМТ маҳбусларга жинсий зўравонлик қилиниши юзасидан Исроилга огоҳлантириш юборган. Исроил расмийлари айбловни рад этган.
Изоҳ (0)