Аргентина мудофаа вазири Луис Петри Данияда 24 та F-16 жанговар самолётларини сотиб олиш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда Аргентина мудофаа вазирлигининг ҳукумат расмий сайтида чоп этилган баёнотида айтилади.
“Бугун биз Аргентина Ҳарбий-ҳаво кучлари учун 1983 йилдан бери энг муҳим бўлган харидни якунладик. Эндиликда модернизация қилинган ва энг яхши технология билан жиҳозланган, бугунги кунда Жанубий Америкадаги энг яхши самолётлар билан тенг бўлган 24 та F-16 самолётига эга бўламиз”, — деди Петри.
“Ушбу янги самолётлар билан биз мудофаа сиёсатимизда олдинга муҳим қадам ташлаймиз, авиациямизни товушдан юқори тезликда учадиган самолётлар билан таъминлаймиз”, — дея қўшимча қилди Аргентина мудофаа вазири.
Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, F-16 қирувчи самолётлари Аргентина ҳаво мудофаа тизимининг янги асосига айланади. Илгари бу вазифани 40 йилдан ортиқ вақт давомида Франциянинг Dassault Mirage самолётлари бажарган.
26 март куни Аргентина ва Дания мудофаа вазирликлари раҳбарлари Буэнос-Айресдаги учрашувда бу бўйича келишувга эришгандилар.
Изоҳ (0)