13 апрель куни кечаси Урганчда Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, журналист, ёзувчи, шоир ва драматург Эркин Самандар 90 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Эркин Самандар (Самандаров) 1935 йил 22 март куни Хивада дунёга келган. Хоразм педагогика институти ўзбек тили ва адабиёт факультетини тамомлаган.
1956—1961 йилларда Хоразм вилояти радиоэшиттириш қўмитаси ўзбек эшиттиришлари таҳририяти муҳаррири, 1990 йилда Ўзбекистон Компартияси Хоразм вилоят қўмитаси масъул ходими, 1967—1969 йилларда Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студияси бош муҳаррири, 1969—1975 йилларда телевидениенинг дастурлар директори, 1975—1977 йилларда адабий драматик эшиттиришлар бош муҳаррири, 1961—1963 йилларда “Хоразм ҳақиқати” газетасида бўлим мудири, 1977—1990 йилларда бош муҳаррир, 1990—1993 йилларда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
“Аму жилолари” номли биринчи шеърий тўплами 1966 йилда чоп этилган. Шундан сўнг “Осмон тўла нур, “Дунёнинг ёшлиги” (1970), “Вафо деган гавҳар” (1975), “Севги фасллари” (1973), “Менинг йигит вақтим” (1979), “Қобул соатлари” (1980), “Соҳилдаги болалар” (1982), “Сайланма” “Юракка йўл” каби қатор китоблари дунё юзини кўрди.
Шунингдек, Эркин Самандар “Жавоҳир” (1980), “Аждодлар қиличи” (1985), “Башорат” (1994), “Жалолиддин Мангуберди” (1999), “Арабмуҳаммад Баҳодирхон” (2002), “Паҳлавон Маҳмуд Пирёрвалий” (1995), “Суянч” (1996), “Минг отлилар диёри” (2003) каби қатор тарихий песаларни ҳам ёзган.
Эркин Самандар 1989 йилда Ўзбекистондаги хизмат кўрсатган журналист, 2019 йилда эса “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Февраль бошларида Ўзбекистоннинг собиқ бош вазир ўринбосари Валерий Атаев 75 ёшида Москвада вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)