Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация аъзолари Венгрия давлатида бўлиб, етакчи компаниялар билан икки томонлама музокаралар ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган сафар чоғида Денов туманидаги “Денов Олтин Дон” масъулияти чекланган жамияти Австриянинг Doppelmayr компанияси билан қиймати 20 миллион евро бўлган осма дор йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган.
Янги лойиҳа Сариосиё туманидаги хушманзара тоғлар қўйнида жойлашган машҳур Сангардак қишлоғида бунёд этилади. “Туризм қишлоғи” мақомига эга Сангардак гўзал табиат манзаралари, ноёб ва бетакрор шаршараси билан дунёга танилган. 2023 йили ҳудуддаги мафтункор табиат қўйнида замонавий санаторий ҳам қурилганди.
Лойиҳа доирасида даранинг тепасидан тоғ ва сўлим қишлоқни томоша қилиш учун махсус майдон, томоша майдонига чиқиш учун йўлак ва зиналар, кириш қисмига стелла ва енгил конструкцияли меҳмон уйлари қурилади. Ресторан, от ва туяда сайр қилиш, мини спорт майдончалари, оилавий пикник ва махсус селфи зоналари, ўйин ва рақс майдончалари барпо этилади.
Европалик ҳамкорларимиз билан лойиҳани ишга туширишнинг барча тарафларини келишиб олдик. Яқин кунларда ишлар бошланади. Уни шу йил фойдаланишга топшириб, пурвиқор тоғлар бағридаги Сангардакнинг янада серқатнов туристик масканга айланишига муносиб ҳисса қўшамиз, – дейди “Денов Олтин Дон” масъулияти чекланган жамияти раҳбари П. Мирзаев.
Дарадаги тоғларни бирлаштирувчи осма дор йўлининг узунлиги 1 минг 200 метрни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июль ойида Наманган вилояти Поп туманида ичида фуқаролар бўлган “канатний дорога” ишламай тўхтаб қолганди. Фуқаролар дор йўлидан канат ишчи ходимлари томонидан қутқарув арқони орқали тушириб олинган.
Изоҳ (0)