“Чимён” умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, созлаш, ишга тушириш ишларини олиб бориш юзасидан 1−6-сонли лотлар бўйича очиқ танлов якунига етказилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур лойиҳа “Билдирсой—Чимён—Нанай халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича лойиҳа офиси” давлат унитар корхонаси томонидан эълон қилинган Франция ғазначилиги иштирокидаги “Чимён туристик зонасини қуриш” доирасида амалга оширилмоқда.
Қайд этилишича, Франциянинг Montagne et Neige Développement (МND) компанияси танлов ғолиби деб топилган.
МND — тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳларидан бири бўлиб, бош қароргоҳи Франция жанубидаги Савоя департаментининг Сен-Ҳелене-дю-Лак шаҳрида жойлашган. Гуруҳ 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда. МND тоғли жойларда туризм соҳасида умуммавсумий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда осма йўллардан шаҳарларда, саноат объектларида ва маиший мақсадларда фойдаланиш бўйича кенг кўламли хизматлар кўрсатишда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, компания Kurchevel, Chamonix-Mon-Blank, Rosa Xutor, Bosko Gurin, Моleson, Narvik ва бошқалар каби бутун дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Чимёндаги лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакат аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг ҳар хил турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги умуммавсумий мажмуаси ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли (максимал қуввати — 2000 киши/соат) ва 3309 метр баландликка чиқадиган майатник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўли (максимал сиғими — 800 киши/соат) қурилади. Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади.
Шунингдек, унда ХXL Zip linе, Аlpine cоаster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттраксионлар ташкил этилади, умумий узунлиги 20 километрдан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6000 нафар туристга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.
Ушбу йирик ташаббусдан кўзланган мақсад халқаро миқёсдаги умуммавсумий курорт, сайёҳлик жойлари ва турли кўнгилочар аттраксионлар ҳамда осма йўлларга эга янги туристик мажмуаларни қуриш орқали ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш, Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва янги иш ўринлари ташкил қилишдир.
Меҳмонхона мажмуалари ва коттежларни қуришни ташкил қилиш ер участкаларини турли лотларга бўлиш (тасдиқланган дизайн-коди билан) ва яқин келажакда қизиққан инвесторларга сотиш учун E-Ijro аукцион электрон савдо майдончасида жойлаштириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Франциянинг Оrех Loisirs, Cоmpagnie des Аlpes, Geodе, Egis, Epodе, Patriarch компаниялари томонидан ташкил этилган консорсиум ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эди. Ҳамкорлик доирасида консорсиум экспертлари Чорвоқ сув омборида қишки ва ёзги спорт иншоотлари, аквапарклар, экотуризм ёки алпинизмни ривожлантириш учун дам олиш марказларини аниқлаши керак эди. 2020 йилда эса Билдирсой—Чимён—Нанай халқаро курортини ташкил этиш лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилганди.