Нью-Йорк полицияси суратга олишдан олдин ҳижобларини ечишга мажбурлаб, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилганини айтган икки мусулмон аёлнинг даъвосини ҳал қилиш учун 17,5 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Дастлабки келишув битими суратга тушишдан аввал диний бош кийимини ечиши керак бўлган шахсларни қамраб олади. Даъво 5 апрель куни Манҳэттен федерал судига топширилган ва АҚШ округ судьяси Аналиса Торреснинг розилигини талаб қилади. Умумий тўлов юридик тўловлар ва харажатлар чегириб ташланганидан кейин тахминан 13,1 миллион долларни ташкил қилади. Ҳар бир даъвогарга 7 824 дан 13 125 долларгача компенсация тўланади.
Келишув 2018 йилда икки нафар аёл томонидан мазкур масала бўйича қўзғатилган даъвони ҳал қилади. Ўтган йили Манҳэттен ва Бруклинда полиция уларни суратга олиш учун ҳижобларини ечишга мажбурлагани айтилган.
Даъвога жавобан, Нью-Йорк полиция бошқармаси 2020 йилда эркаклар ва аёллар суратга тушганда юзлари кўриниш шарти билан диний бош кийим кийишга рухсат берган.
Ушбу келишув NY полиция бошқармасининг ижобий ислоҳотига олиб келди. Келишув бошқарманинг қатъий диний эътиқодларга бўлган ҳурматини ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳибсга олиш пайтида суратга олиш заруриятини диққат билан мувозанатлаштиради, — деди шаҳар ҳуқуқ бўлими вакили Николас Паолуччи.
Янги сиёсат бошқа диний бош кийимларга, шу жумладан, яҳудийлар кийган парик ва ярмулкеларга, сикхлар кийган саллаларга ҳам татбиқ этилди.
2014 йилнинг 16 мартидан 2021 йилнинг 23 августига қадар диний бош кийимини ечишга мажбур бўлган шахслар компенсация олиш ҳуқуқига эга.
Изоҳ (0)