Франция НАТОни имкон қадар тезроқ тарк этиши керак, бу ташкилотда қолиш жуда хавфли бўлиб бормоқда. Бундай фикрни Х ижтимоий тармоғида Франция ватанпарварлари партияси етакчиси Флориан Филиппо билдирди.
У АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Украинанинг альянсга аъзо бўлиш эҳтимоли ҳақидаги сўзларига шундай жавоб берди.
“Американинг ақлдан озган ва ўта хавфли баёноти! Тезроқ бу тузоқдан халос бўлайлик, НАТОдан чиқиб, тинчлик ўрнатамиз!” — деб ёзган Флориан Филиппо.
Сиёсатчининг фикрича, АҚШ ҳаракатлари дунёни учинчи жаҳон урушига яқинлаштирмоқда, унинг биринчи қурбонлари Европа давлатлари, жумладан, Франция бўлади.
4 апрель куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина НАТОга аъзо бўлишини ва июль ойида бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика альянсининг саммити бу йўналишда “кўприк бўлишга” ёрдам беришини айтди. Бу сўзлар турли хил реакцияларга сабаб бўлди.
Аввалроқ америкалик сенатор Майк Ли НАТОда ё АҚШ ёки Украина бўлиши мумкинлиги, лекин иккала давлат бирга НАТОга аъзо бўла олмаслигини айтганди.
Изоҳ (0)