Сурхондарё вилоятида бир йилда жами 380-400 минг тонна чиқинди чиқарилиши маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди.
Келтирилишича, вилоят бўйлаб ўтган йил давомида 30 ортиқ экоакциялар ўтказилди. Унда ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Шунингдек, аҳоли томонидан кўп ташланадиган манзилларда Экология вазирлиги томонидан бугун вилоят бўйича 25 та кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ана шу кузатув камералари орқали бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда маиший ва саноат чиқиндиларининг ортаётгани Ер юзидаги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 900 га яқин тури қайд этилган. Ҳар йили дунёда чиқиндилар ҳажми 3 фоизга кўпаймоқда.
Сурхондарё вилоятида жами 12 та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, 6 та санитар тозалаш корхоналари воҳа аҳлига хизмат қилади. Вилоятда йил давомида жами 380-400 минг тонна чиқинди чиқарилади. Шундан 120-130 минг тоннаси 15 та қайта ишлаш корхоналари томонидан қайта ишланиб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотга айлантирилади. Бу эса йил давомида умумий чиқариладиган чиқиндининг 30 фоизига тўғри келади.
Изоҳ (0)