Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Унга кўра, савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Умидбек Сафаров Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов билан учрашди. Элчи ўзбекистонлик меҳмонларни ташриф билан қутлаб, томонлар IFE 2024 озиқ-овқат ва ичимликлар халқаро кўргазмаси якунлари бўйича фикрлар билан ўртоқлашди.
Учрашув давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Лондонда Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш имкониятларига эътибор қаратилди. Бундан кўзланган мақсад Буюк Британия билан ишбилармонлик ва иқтисодий алоқаларни кўпайтириш ва мустаҳкамлаш, шу билан бирга, тадбиркорлар учун янги бизнес имкониятларини очиш. Учрашув якунида жорий йил давомида томонлар тарафидан ҳамкорлик борасида амалга ошириладиган ишлар бўйича келишиб олинди.
Изоҳ (0)