Ижтимоий тармоқларда метан заправкаларда газ нархи 3 800 сўмга кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Хабарга кўра, ушбу ҳолат Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан зудлик билан ўрганилган. Маълум бўлишича, бу ҳолат Фарғона шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида кузатилганлиги аниқланган.
“Ўзэнергоинспекция”нинг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушбу АГТКШ масъулларига тушунтириш ишлари ўтказилди ва метаннинг 3 350 сўмдан сотилиши таъминланди.
Бугун, шунингдек, Сурхондарё ва Андижон вилоятларида иккита АГТКШда шундай ҳолат кузатилган бўлиб, улар ҳам “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари томонидан бартараф этилган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи 2024 йил 1 июнгача бир куб метр учун 3 350 сўм қилиб белгиланган.
Изоҳ (0)