Россиялик марҳум актёр ва цирк режиссёри Юрий Никулин образи “Манюня: Москвадаги саргузаштлар” фильми учун нейротармоқ ёрдамида гавдалантирилади. Бу ҳақда People Talk нашри хабар бермоқда.
Оилавий комедияда Юрий Никулиннинг сунъий образи бош роллардан бирини ижро этади. Ака-ука режиссёрлар Гевонд ва Сарик Андреасяннинг комедияси учун сунъий образни яратиш жараёни саккиз ой давом этди.
Гевонд Андреасяннинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа сунъий интеллект ёрдамида марҳум актёрнинг ташқи кўриниши ва овозини қайта тиклаш бўйича Россиядаги биринчи муваффақиятли уринишдир. Фильм ижодкорлари афсонавий актёрнинг оиласидан унинг образидан фойдаланиш учун расмий рухсатнома олган. Шу билан бирга, Юрий Владимировичнинг сурати реклама постерларида ва фильм трейлерида ишлатилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Юрий Никулин 1997 йил 21 августда 76 ёшида Москвада вафот этган. Унинг ўлимига юрак операциясидан кейинги асоратлар сабаб бўлган. Афсонавий актёр “Бриллиант қўл”, “Кавказ асираси”, “Шурикнинг янги саргузаштлари” ва бошқа кўплаб фильмлардаги роллари билан томошабинлар кўнглидан жой олган. 1982 йилдан то вафотига қадар циркда бадиий директор бўлиб ишлаган.
Изоҳ (0)