Тошкент вилояти Зангиота туманида майнинг ферма ташкил этган шахс аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Зангиота туман бўлими, ДХХ, ИИБ ва ЭТК ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Токзор” МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи У.О. ўз уйида 6 дона тўпламдаги майнинг крипто-активлари қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, давлат ва жамият манфаатларига 789,8 миллион сўм зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ пойтахтда электр энергиясига ноқонуний тарзда уланиб, 1,5 миллиард сўмлик зарар етказган майнинг ферма аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда иккита майнинг ферма давлатга салкам ярим миллиард сўм зарар етказгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)