Тошкент шаҳар Чилонзор туманида майнинг ферма ташкил этган шахс аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда тумандаги 19-мавзе ҳудудидаги хонадонда яшовчи Ф.О. ўз уйининг ертўласида 5 дона тўпламдаги майнинг крипто-актив қурилмаларини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, давлат ва жамият манфаатларига 680,7 миллион сўм зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ пойтахтда электр энергиясига ноқонуний тарзда уланиб, 1,5 миллиард сўмлик зарар етказган майнинг ферма аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда иккита майнинг ферма давлатга салкам ярим миллиард сўм зарар етказгани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)