Қашқадарёда қум хом ашёсини ноқонуний қазиб олаётган шахслар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси, Ғузор туман бўлими томонидан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда “Хавфсиз дарё” бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган. Тадбирлар давомида фуқаро Р.Қ. ва бошқалар ноқонуний даромад орттириш мақсадида “Қашқадарё” дарёсининг Ғузор ва Қарши туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмининг муҳофаза зонаси ҳисобланган ер майдонларидан махсус техникалари ёрдамида ўзбошимчалик билан 9,5 минг куб ҳажмдаги қум хом ашёсини қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 948,6 миллион сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Сангзор дарёси ўзанида ўтказилган экологик назорат рейд тадбирида учувчисиз учиш аппарати (дрон) орқали ҳуқуқбузарлик аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган эди.
Изоҳ (0)