Қашқадарё вилояти Миришкор туманида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Касби туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда Н.Л., М.М. исмли шахслар ва бошқалар Миришкор тумани “Шодлик” МФЙ ҳудудида “М.т.” МЧЖга ижарага берилган ер майдонида 12,7 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ноқонуний равишда қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 765,6 миллион сўм зарар етказгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Сангзор дарёси ўзанида ўтказилган экологик назорат рейд тадбирида учувчисиз учиш аппарати (дрон) орқали ҳуқуқбузарлик аниқлангани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда айрим дарёлар ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган эди.
Изоҳ (0)