Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер 22 март куни Москвада содир этилган терактни қоралаб, Теҳрон терроризмга қарши курашда Москва билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда IRNA нашри хабар берди.
“Дунёнинг исталган нуқтасида терроризм ва бегуноҳ фуқароларнинг ўлдирилиши қораланади ва бу жиноятни содир этган ёки қўллаб-қувватлаган ҳар қандай ҳукумат ёки гуруҳ халқаро судларда таъқиб қилиниши ва жазога тортилиши керак”, — деган Муҳаммад Мохбер Россия бош вазири Михаил Мишустинга йўллаган мактубида.
Мактубда Эрон расмийси Москвадаги Crocus City Hall’да содир бўлган ва кўп сонли фуқароларнинг ҳалок бўлишига олиб келган террорчилик ҳодисаси муносабати билан Россия раҳбариятига ва халқига ҳамдардлик йўллаган.
Теҳрон вакили халқаро терроризмга қарши курашда Эрон ва Россия ҳамкорлиги янада мустаҳкам бўлиши, мамлакат ичида тартиб-назорат тизими яратиш борасида биргаликда ҳаракат қилиниши кераклигини урғулаган.
Изоҳ (0)