Россия армиясининг 23 март куни уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 1 миллион украиналик электр тармоғидан узилиб қолган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Харьковда электр узатиш тармоқлари ишдан чиққан. Жанубдаги Одесса шаҳрида ҳам 53 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотидан узилган.
Украина энергетика вазири Герман Галушченко Россияни мамлакат энергетика тизимида кенг миқёсдаги носозликни келтириб чиқаришга уринишда айблаган. Россия расмийлари сўнгги тажовузларни Украинанинг яқинда Россия ҳудудида уюштирган ҳужумлари учун қасос эканини билдирган.
Украина энергия инфраструктурасига йўналтирилган зарблар оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлган. 17 нафар фуқаро жароҳатланган. Миллионга яқин аҳоли тармоқдан узилган.
Украина томони тунги мудофаа чақириғи давомида Россиянинг 90 га яқин ракета ва 60 та Shahed дронлари чегарадан мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келганини маълум қилган.
Шунингдек, Россия Украинанинг энг йирик тўғони — Запорожьедаги ДнепроГЕС иншоотига зарба бергани хабар қилинган. Бу объектга сериали ҳужумлар 8 бор содир этилган. Тўғонда йирик ёнғин юзага келгани хабар қилинган. Украина расмийлари ДнепроГЕС фаолиятида узилиш бўлмаганини хабар берган.
Изоҳ (0)