Самарқандда Миллий гвардия ходими мактаб ўқувчисининг телефонини олиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга изоҳ берди.
Келтирилишича, 2024 йилнинг 13 март куни, ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ходими Ш.Х. томонидан Самарқанд шаҳридаги 54-сон мактаб 8-“Д” синф ўқувчисининг қўл телефони олиб қўйилгани ҳамда ундан давлат тилида сўзлашишни талаб қилгани тўғрисида хабар тарқалган. Дастлабки ўрганиш натижасида, Ш.Х. Самарқанд шаҳридаги 54-сон мактабида директор буйруғи билан қоровул лавозимига шартнома асосида ишга қабул қилингани ҳамда мактаб ишчиси сифатида ишлаб келаётгани аниқланди.
Аниқланишича, мактаб ўқувчиси Д.К. мактаб ички тартиб-қоидаларига риоя қилмасдан, шу ўринда таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига зид равишда, дарс жараёнида қўл телефонидан фойдаланиб келгани ҳамда мактаб ўқитувчиси Ш.Н.га нисбатан ҳурматсизлик қилган. Шу сабабдан ўқитувчи мактаб қоровули Ш.Х.ни ёрдамга чақирган.
Қоровул томонидан ўқувчининг қўл телефони олиб қўйилган вақтда, ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Дарсдан сўнг ўқувчи Д.К.нинг телефони мактаб директори ҳамда мактабга бириктирилган Миллий гвардия инспектор-психологи томонидан ўқувчига қайтариб берилган. Ҳозирда Самарқанд шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси билан биргаликда мазкур ҳолат ўрганиб чиқилмоқда.
Мактаб маъмурияти ҳамда бириктирилган инспектор-психолог томонидан мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя этишлари тўғрисида мактаб маъмурияти ҳамда ўқувчилар билан тушунтириш ишлари яна бир бор амалга оширилди.
Изоҳ (0)