Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳашар муносабати билан ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши бўйича тушунтириш берди.
Аввалроқ, 16-18 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.
Ҳуқуқшуносга кўра, одатда, ҳашар муносабати билан ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниб, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказиб берилишига одатланиб қолинган.
“Яъни ҳеч ким ходимлардан сўраб ҳам ўтирмайди, шунчаки бухгалтерлар ёппасига 1 кунлик иш ҳақини ўтказади, тамом. Кўпчилик ходимлар эса буни сезмайди ҳам! Бироқ, бир нарсани унутмаслигимиз лозимки, ҳашар муносабати иш ҳақидан ушлаб қолиниши мутлақо ихтиёрий, ҳеч қанақа мажбурий эмас!”, — деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра, ходимнинг ёзма розилиги бўлмай туриб унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас.
“Шунингдек, мазкур моддада иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, улар орасида ҳашар назарда тутилмаган!
Розилик деганда ҳар бир ходимнинг ёзма розилиги назарда тутилади. Кўп ҳолатларда шунчаки ташкилот ходимлари жамоаси номидан битта протокол қилиниб, худдики ўша мажлисда ҳамма ходим қатнашган-у, ҳашарга 1 кунлик иш ҳақини беришга рози бўлгани ҳақида ёзиб қўйилади. Лекин ходимлар буни билмайди ҳам. Аслида бу ҳам нотўғри, бунақа усул билан ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонуний! Ҳар бир ходим ўзи шахсан ҳашар учун 1 кунлик иш ҳақини ушлаб қолишга рози эканлиги ҳақида имзо чекиши шарт!”, — дея қўшимча қилган ҳуқуқшунос.
Изоҳ (0)