15 март куни Исроил қирувчи самолётлари Ливан жанубидаги “Ҳизбуллоҳ” аскарлари тўпланган нуқталарга ҳужум уюштирган. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, даставвал Исроил авиацияси Ҳула аҳоли зонасидаги нуқталарни бомбардимон қилган. Ҳаво кучлари армияси расмийлари ,шунингдек, Ливандаги қуролли гуруҳнинг Марвахиндаги кузатув постига зарба берилгани, Хамул ҳудудидаги артиллерия ўрнатмалари тўлиқ йўқ қилингани ҳақида маълум қилган.
Олдинроқ, Исроил армияси “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг Кафр Кила ва Лаббунаҳдаги инфратузилмасига ҳужум уюштирганини даъво қилган эди. Араб нашрлари мазкур хабарни тасдиқламаган.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги кескинлик ўтган йилнинг октябрида бошланган эди. “Ҳизбуллоҳ” раҳбарияти ҲАМАС тарафини олиб, Исроилга қарши ҳарбий ҳаракат бошлаган. Икки томон ўртасидаги курашлар оқибатида шу пайтга қадар 300 нафарга яқин ливанлик ҳалок бўлган, улардан 240 нафари тўғридан-тўғри “Ҳизбуллоҳ” аъзоси бўлган. Исроил томонидан 20 нафарга яқин чегара ҳудудлари аҳолиси ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” жанглари кескинлашуви фонида Ливан жанубидаги 90 мингдан ортиқ аҳоли ўз турар жойларини ташлаб, шимолий туманларга кўчиб кетган.
Изоҳ (0)