Президентнинг “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юқори даражада кенг нишонланади.
Жойларда Наврўз умумхалқ байрамининг барча тадбирлари миллий қадрият ва анъаналар ҳамда замонавий тажрибалар асосида юқори савияда, оммавий сайиллар шаклида ташкил этилади. Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайиллари ташкил этилади.
Шунингдек, 2024 йилги Наврўз байрами рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ҳар томонлама эъзозланади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинади.
Бундан ташқари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирлар амалга оширилади, республиканинг барча ҳудудларида, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига қаратилган умумхалқ ҳашарлари ўтказилади.
Изоҳ (0)