Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган далаҳовлилар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида “Т.С.” ва “Ч.Т.” оилавий корхонаси раҳбарлари “Дўстлик” ҳамда “Чимган” МФЙ ҳудудидаги тижорат мақсадида фойдаланиб келган далаҳовлиларини ўзбошимчалик билан электр тармоғига тўғридан тўғри улаб, жами 241,7 миллион сўмлик электр энергиясини ўғирлаганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ “Ўзэнергоинспекция” Ўзбекистонда 2024 йилнинг ўтган даврида табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 215 миллиард 648 миллион сўм зарар етказилгани тўғрисида хабар берганди.
Изоҳ (0)