Фарғона шаҳрида 93 туп кўчатни рухсатсиз кўчириб ўтқазган фуқаро табиатга 250 млн сўмдан зиёд зарар етказди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Шароф Рашидов кўчасидаги қурилиш ишлари юзасидан Фарғона вилояти Қурилиш бош бошқармаси томонидан ўрганиш олиб борилган. Ўрганишлар давомида “Қиргули” МФЙ Қурувчилар кўчаси йўл бўйидаги 93 туп 2-3 йиллик ёш манзарали дарахт кўчатлари фуқаро К.А. томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қарама-қарши томондаги йўл четига кўчириб ўтқазилгани, қуриб қолган 4 туп япон сафораси, 4 туп тол дарахти остидан кесиб юборилгани аниқланган.
Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланган. Шунингдек, рухсатсиз кўчирилган кўчатларнинг кўкарувчанлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўриш лозимлиги юзасидан огоҳлантириш берилган ва белгиланган муддатда кўчириб ўтқазилган дарахт кўчатлари қуриб қолган тақдирда, табиатга етказилган 252 296 000 сўм зарар суммасини ундириш чоралари кўрилиши юзасидан кафолат хати олинган.
Ҳудуддаги қолган дарахтлар хатловга олинган ҳамда вилоят Экология бошқармаси томонидан ҳолат бўйича ўз ваколати доирасида тегишли таъсир чоралари ҳам кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)