“Толибон” ҳаракатининг статистика ва ахборот департаменти Афғонистон аҳолисининг сони 35 миллионга яқин эканини маълум қилди.
Афғонистон Статистика департаменти матбуот котиби Муҳаммад Ҳалим Рафи “Толибон” бошқарадиган Миллий телевидениега берган интервьюсида Афғонистон аҳолисининг 51 фоизини эркаклар, 49 фоизини аёллар ташкил этишини айтди.
“Толибон” статистика ва ахборот департаменти матбуот котибининг қўшимча қилишича, мамлакатда аниқ ва стандартлаштирилган аҳолини рўйхатга олиш учун 120-150 миллион доллар керак.
Ушбу бошқарма матбуот котиби, шунингдек, аҳолини аниқ рўйхатга олиш бўйича янги режа устида иш олиб борилаётганини қўшимча қилди.
2022 йил охирида ушбу департамент мамлакат аҳолиси сони 34,3 миллион кишини, жумладан, 17,5 миллион эркак ва 16,8 миллион аёлни ташкил этишини тахмин қилган эди.
Ўтган йилги статистик маълумотларга кўра, Афғонистон аҳолисининг 60-70 фоизи қишлоқларда, 25 фоизи эса (8,6 миллион) шаҳарларда истиқомат қилади.
Ушбу статистик маълумотларга кўра, Афғонистон аҳолисининг 47,5 фоизини 15 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Шунингдек, Афғонистон аҳолисининг 49,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда экани хабар қилинган.
Изоҳ (0)