9 март куни Россиянинг БМТдаги доимий вакили биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский Россия Украина президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштириш ниятида эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “ТАСС” нашри хабар бермоқда.
“Сизнингча, агар биз Зеленский кортежига ҳужум уюштирмоқчи бўлсак, буни уддалай олмаймиз, деб ўйлайсизми? Бу оддий саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўринг, виждонан жавоб беришга ҳаракат қилинг”, — деган Россия вакили БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида.
Дмитрий Полянский Россия томонидан Одесса ҳудудидаги Украина ҳарбий объектлари бомбардимон қилиниши масаласига диққат қаратган. Унга кўра, Одессада Украина ҳарбий салоҳиятини камайтириш мамлакат президенти Зеленскийни ўлдиришдан кўра долзарброқ бўлган. Чунки фронтда қаршиликни Зеленский эмас, балки Одессада жамланаётган Ғарб ҳарбий техникаси таъминламоқда.
“Агар сизлардан баъзиларингиз Россия Киев режими раҳбаридан қутулишни мақсад қилмоқда, деб ўйласангиз, мен ҳафсалангизни пир қилишга мажбурман: бизда бундай режа йўқ”, — деган россиялик дипломат.
Изоҳ (0)