Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Жаҳон банки эълон қилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунё бўйича гендер тенглиги соҳасида энг самарали ривожланаётган давлатлар бешталигига киргани юзасидан фикр билдирди.
Саида Мирзиёева бундай натижага эришишга аёлларни зўравонлик ва камситишдан ҳимоя қилиш борасида қабул қилинган қонунлар сабаб бўлганини қайд этди.
“Албатта, биз бирданига энг ривожланган онгли жамиятда яшай бошладик, зўравонликни таг-туги билан йўқ қилдик, дея олмаймиз. Бу — қонунларни ҳаётга доимий татбиқ қилиш, меҳнат фаолияти учун барчага бирдек шароит яратиш, тенг иқтисодий имконият бериш устида тинимсиз ишлашимиз зарур, дегани.
Биз бугун шундай даражага етдикки, хотин-қизларга фақат квоталар ва алоҳида имтиёзлар беришнинг ўзи камлик қилади. Мен жамиятимизда амалда аёлларга мутлақо тенг имкониятлар берадиган тизимли ўзгаришлар бўлишини истардим.
Ҳар куни зўравонлик ва эскича қарашларга қарши курашиб, темир тўсиқларни синдириб, машаққатли ислоҳотларимизни амалга оширишга ҳисса қўшаётганлар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатмоқда. Бундай инсонларнинг ҳар бирига раҳмат дейман”, — деб ёзади президент ёрдамчиси.
Аввалроқ Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига киргани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)