“Кичкина табиб” фильмидаги Дониёр роли билан томошабинлар меҳрини қозонган ижодкор Дилшодбек Каттабеков бу йил 34 ёшни қаршилади. Ишониш қийин, аммо у кинодаги фаолиятини бошлаганига 26 йил бўлди. Бу йиллар орасида у “Муҳаббат синовлари”, “Хавфли бурилиш”, “Виждон” ва “Фидойилар” каби қатор фильмларда ҳам муваффақиятли ролларни ижро этган. Хўш, у нега актёрлик соҳасини танлади ва кино оламида ютуқларга эришиш учун қандай қийинчиликларни енгиб ўтди.
“Кичкина табиб”даги яширилган сир…
Болалигидан қўшиқчи бўлишни ният қилган Дилшодбек Каттабеков кутилмаганда актёрлик соҳасига қадам қўйган. Беш ёшидан бошлаб давлат тадбирларида иштирок этиш учун Тошкентга келган Дилшоднинг яқинларига “Кичкина табиб” фильмининг кастингида иштирок этишни таклиф қилишади. Дониёр ролига талабгорлар ниҳоятда кўп бўлган. Юздан ортиқ иштирокчилар орасидан танлаб олинган Дилшодбек Каттабеков кино оламига дадил қадамлар билан кириб келди.
— Бувим 1998 йилда “Ўзбекфильм”га олиб борган, юзта бола қатнашган кастинг бўлган. Охирида шу рол менга насиб қилган. Қарасам, ҳаммаси ўзим бир йил олдин телевизорда кўрган актёрларим бўлган. Мурод Ражабовни “Темир хотин”да, Ражаб Адашевни “Абдуллажон”да, Карим Мирҳодиевни “Чархпалак”да кўрганман. Бундан ташқари, Фотима Режаметова, Зикир Муҳаммаджонов, Мунаввара Абдуллаева бор эди, борсам актёрлар ансамбли йиғилган, бу ҳам бир бахт эди. Бу ҳам ўзимни эркин ҳис қилишимга туртки бўлган, улар менга ролни ижро этишимга ёрдам берган. Ўша пайтда кинолар лентада олинган, хато қилишга ҳаққимиз йўқ эди. Ҳозиргидек эмас эди, бир кун олдин яхшилаб матнни ёдлаб, эртаси куни суратга олиш жараёнларига бориб, ҳолатга кириб ўйналган. “Кичкина табиб”нинг ҳам бир ютуғи актёрлар ансамблининг жам бўлганидадир, жамоа зўр йиғилган эди. Шундан кейин менга “Кичкина табиб”да чиққан бола деб таъриф беришадиган бўлди. Кимдир исмимни билмаса ҳам, Дониёр деб чақирар эди, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
“Мурод Ражабов отиб юборган”
— “Кичкина табиб” фильмида жуда қизиқарли воқеалар бўлган. Биринчи воқеа — Мурод ака Ражабов мени кўтариб олиб, машинага отиб юборадиган жойлари бор. Ролга шу даражада берилиб кетганларки, озғин, енгил бўлганим учун отиб юборганлар, бу эшикдан кириб нариги эшикка бориб урилганман. Кейин суратга олиш жараёни тугагандан кейин қаттиқ отмадимми, деб сўраганлар.
Яна бир қизиқарли воқеалардан бири тепаликка чиқиб, Аллоҳга илтижо қилаётган вақтда итнинг занжирини қўлимга икки-уч марта боғлаб олганман. Бу ит ҳам ўргатилмаган эди, қишлоқдаги бир хонадоннинг ити бўлган. Унга бир ҳафта давомида гўшт бериб ўзимизга ўргатиб олганмиз. Шу ит билан тепаликка чиқиб кетган вақтимда суратга олиш ишлари бошланган, кейин эса занжирни ечмасимдан олдин, ит пастга қараб югуриб кетган. Охири оёғим қоқилиб, тиканакларга бурканиб пастга тушиб борганман. Ўша пайт совуқ эди, кейин режиссёрлар югуриб келиб, автобусга олиб кириб, ҳамма еримга спирт суртишган, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
“Қанча гонорар олгансиз?”
“Кичкина табиб” фильмидаги роли учун актёр қанча гонорар олган, умуман, ёш актёрга ҳақ тўланганми? Бу савол кўпчиликни қизиқтириши аниқ.
— “Кичкина табиб” фильмидан 1998 йилда 50 минг сўм гонорар олганман. Ўша пайт ўзимни олиб боришган, кичкина эдим. “Ўзбекфильм”га борганман, адашмасам, бухгалтер рус аёл бўлган, мени кўтаришган. Қоғозни бериб, қўл қўй дейишган, шу пайт қўлимни қоғознинг устига қўйган эканман, кейин улар имзо қўйишим кераклигини тушунтиришган. Ўша пайти биринчи фильмимдан 50 минг сўм олганман.
“Менинг иккита онам бор”
Дилшодбек Каттабеков ютуқларида бувисининг ҳиссаси катта эканлигини, у кўплаб тадбирларга олиб борганини яхши эслайди.
— Бувим 30 йилдан ортиқ “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясида бошловчи бўлиб ишлаган, то 2016 йилгача шу инсоннинг хонадонида яшаб, мактабга, тадбирларга, суратга олиш жараёнларига ҳам ўша ердан бориб юрганман. Эринмай кастингларга олиб борар, санъаткорлар билан таништирарди. Шунинг учун икки онам бор, бири Сирдарёда, бири Тошкентда менга тарбия берган, дейман.
Кейин Фаррух Зокировнинг ҳайдовчиси билан ҳам танишиб қолганим омадим бўлган. У инсон билан қариндошдек бўлиб кетган эдик. Шу инсон “Туркистон” саройида қўшиқ айтиб турган пайтимда ёқтириб қолиб, ўзларининг оиласига қабул қилган ва дадамга ўғлингизни ўз ўғлимдек кўраман, деган, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
“Мени мазах қилишарди”
Актёр бўйи пастлиги учун мазах қилингани ва у баъзи пайтлари ота-онасидан ранжиганидан афсусланишини эслаб ўтди.
— Ота-онамизга қанча қилсак кам. Отамнинг исми Равшан, онамнинг исми Дилором. Дадам 1961 йилда, онам 1964 йилда туғилган. Бола бир марта куюнса, ота-она ўн марта куюнади, бошида қийин бўлган, чунки ота-онамнинг ҳар доим олдида юрадиган фарзанди танлаган соҳаси сабаб узоқда юриши керак бўлган. Баъзан ота-онамга оғир гапларни айтиб, ранжитган пайтларим ҳам бўлган. Бунга бўйимнинг пастлиги сабаб бўлган. Чунки айрим инсонлар қўлини бигиз қилиб, шахсиятга тегиш ҳолатлари бўлган. Камчилигимни, ташқи кўринишимни айтиб кулганлар ҳам бўлган. Кўнглимга оғир ботган, уйдагиларга кўчага чиқмайман, устимдан кулишяпти, санъатни ҳам ташлайман, деб йиғлаб айтганман. Ота-онам бошимни силаб, “Улар кулса кулаверсин, сен хурсанд бўл, Аллоҳ сени шунақа кичкина қилиб, азиз қилиб қўйибди”, дер эди.
Ҳозирги кунда бундан афсусланмайман, соғломман, оқ-қорани ажратиб биламан, тенгдошларимдек бўйим узун бўлганда, балки бу даражада машҳурликка эришмаган бўлар эдим. Қайсидир маънода шу жуссам билан бошқа ҳамкасбларимнинг орасида ажралиб тураман. Ёшимиз улғайган бўлса ҳам, инсонлар ҳалиги бола, деб кўрсатади. Ҳамма ўксинишлар, хафа бўлиш болаликда қолиб кетган, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
“Пулга олинган унвон керак эмас”
— 2008 йилда ҳам “Ниҳол” мукофотига, ҳам санъат олийгоҳига топширганман. Ўша пайти туман, вилоят босқичларидан ўтиб республика босқичига етиб борганман. Ҳозир у одамлар лавозимида борми ёки йўқми, билмайман. Кейин менга келиб, “Бу босқич қийин бўлади”, дейишган. Қайси томонлама десам, маблағ билан боғлиқлигини айтишган. Пул талаб қилишган, 2008 йилда 500 доллар сўрашган. Истеъдодимни сотиб шу унвонни оладиган бўлсам, керак эмас, деганман. Ҳақиқий унвон — халқнинг меҳри, эътибори. Менга пулга олинган унвон керак эмас, деганман, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
33 ёшда оила қурган актёр
— Ўзбек шоу-бизнесида уйланмаган мен қолгандим. Шунинг учун ҳамкасблар, устозлар 4-5 йилдан бери қачон уйланасан, деб сўрашаётган эди. Шу йилга насиб қилган экан. Бизда кўпчиликда бўлганидек севги тарихи бўлмади. Онам ва холаларим анчадан бери менга қиз излашарди. Йиллар давомида роса кўп учрашувга чиқавериб, тажрибам ошиб қолди. Ёш ўтаверганидан кейин инжиқ, одам танлайдиган бўлиб қоларкансиз. Август ойида холам қўшнисининг қизи билан учрашиб кўришни тавсия қилди. Бориб, қиз билан кўришиб, 10 дақиқача гаплашиб ўтириб, бир-биримизга маъқул бўлдик. Шундай қилиб тўйимиз бўлиб кетди.
Рафиқам ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди. Фақат Telegram мессенжерига рухсат берганман. Учрашувга чиққанимда Зуҳранинг ерга қараб, уялиб ўтириши эътиборимни тортган. Чунки аёл киши эркак киши билан гаплашганида кўзига тик қараб турмаслиги керак. У холаваччамнинг қўшниси, Сирдарёга борганимда 10 дақиқача кўришиб суҳбатлашдик. Бир-биримизга маъқул бўлдик. Қайнонам менинг мухлисим эканликлари қўл келди, — дейди актёр.
“Санъатдан бир оз узилиб қолдим”
Дилшодбек Каттабеков охирги пайтларда фильм ва сериалларда суратга тушмаётгани сабаби ҳақида ҳам гапириб ўтди.
— Фильм ва сериалларда анча бўлди, суратга тушмаяпман. Охирги рол ижро этган фильмим “Маҳаллада дув-дув гап-2” бўлди. Ҳозир ҳам таклифлар бўляпти. Уйда ҳам 2-3 та сценарий турибди. Лекин ҳозир аввалгидек яхши лойиҳалар йўқ. “Кичкина табиб”, “Муҳаббат синовлари”га ўхшаган сценарийлар йўқ. Шунинг учун экранларда кўринмай турибман. Бундан ташқари, шахсий ҳаётимга вақт ажратганим учун санъатдан бир оз узилиб қолдим, — дейди Дилшодбек Каттабеков.
Изоҳ (0)